Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда

Ўзбекистон республикаси функционал кўпкураш федерацияси ва спорт ташкилотлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бош бошқармасида, функционал кўпкураш федерацияси ҳамда бир қатор спорт ташкилотлари ўртасида қўпкураш спорт турини ривожлантириш ҳамда оммалаштириш борасидаги масалалар муҳокамасига бағишланган учрашув ташкил этилди.
Мазқур тадбирда, функционал кўпкураш федерацияси раиси, Миллий гвардия қўмондони ўринбосари полковник Маъмиржон Ғаниев, федерация аъзолари ва “Tribe”, “BukaGym”, “Akhmat”, “998” каби бир қатор йирик спорт ташкилотлари вакиллари иштирок этишди. Унда функционал кўпкураш спорт турини янада такомиллаштириш, ёшлар ўртасида ушбу спорт турини тарғиб қилиш мақсадида, мазкур спорт ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Учрашувда функционал кўпкурашни янги босқичга олиб чиқиш, ҳудудларда янги тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш, ўзида куч, ирода ва чидамлиликни талаб этадиган ушбу спорт турида ёш иқтидор эгаларини кашф этиш, янги чемпионларни тарбиялаш, республика ва халқаро мусобақаларни ташкил этиш, спортчилар учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, моддий техник базасини янада мустаҳкамлаш бўйича қатор долзарб вазифалар белгилаб олинди.

Янгиликлар

21 Июн
2022

Befit Race-2022 халқаро марафони

19 июнь куни “Амирсой” тоғ курорти ҳудудида Befit Race-2022 тўсиқлар оша югуриш халқаро марафони бўлиб ўтди. Мусобақада Қозоғистон, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа мамлакатлар, шунингдек, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Функционал кўпкураш федерацияси жамоалари иштирок этди. 30 дан ортиқ жамоалар 5 км масофага 14 та тўсиқлар оша ғолиблик учун курашди, ҳар бир жамоада 4 нафардан (уч эркак ва бир аёл) иштирок этди. Спортчилар ўзларининг эпчиллиги ва жамоавий меҳнати туфайли ностандарт шароитларда қийин тўсиқлардан тез ва аниқ ўтишди. Қизғин, аммо қизиқарли ўтган мусобақа натижасида Миллий гвардия жамоаси (Валентина Кибалникова, Муҳаммад Тўраев, Бахриддин Умаралиев ва Суннат Салимов) фахрли 1-ўринни эгаллади. Жамоа ишини пухта ташкил этгани ва тайёргарлиги учун мураббийимиз, Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчиси Александра Котляровага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Сафдошларимизни ғалаба билан самимий муборакбод этиб, «Abu Dhabi Spartan World Championship» жаҳон чемпионатида янада муваффақият ва ғалаба тилаймиз!

21 Май
2022

ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАР ЎЗ ЧАҚҚОНЛИКЛАРИ, ЭПЧИЛЛИГИ ВА ИРОДАСИНИ СИНОВДАН ЎТКАЗДИЛАР

Функционал кўпкураш федерацияси ва Миллий Гвардия томонидан ўтказилаётган навбатдаги беллашувларда 35 нафар йигит-қизлар ўз эпчилликларини синовдан ўтказишди. Республикамизда илк маротаба имконияти чекланган болалар орасида ташкил этилган мазкур баҳслар Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 100 сонли мактаб интернати ўқувчилари орасида ўтказилди. Тарбияланувчилар функционал кўпкураш тўгарагида бир неча ойлардан буён шуғулланиб келишади. Бугун эса улар турли шартлар асосида ўз чаққонликларини исботладилар. Болалар имконияти чекланган бўлишига қарамай ҳакамлар кўмагида шартларни хатосиз бажаришга ҳаракат қилдилар. Шартлар икки ёш тоифасида, йигит ва қизлар учун алоҳида кўринишда бажарилди. Ушбу беллашувларда шартларни дастлаб, ўғил болалар бошлаб беришди. Улар, 1-машқлар жамланмасида, ўтириб-туриш ва югуриш машқларини, 2-машқлар жамланмасида эса капалакча машқи ва қутилар атрофида ҳаракатланиш каби қизиқарли шартларни бажардилар. Қизлар ҳам шартларни эпчиллик ва аниқликда бажаришга ҳаракат қилдилар.Муҳими, иштирокчилар доимий тарзда функционал кўпкураш тўгарагида ушбу машқларни бажариб келганликлари сабабли шартлар уларда унчалик мураккаблик туғдирмади. Катта шодиёна сифатида ўтган мусобақа ўқувчилар орасида ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг чаққон ва эпчил иштирокчилар орасидан ғолиб ва совриндорлар аниқланиб уларга, эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, қўшимча номинациялар бўйича ҳам иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан рағбатлантириб совғалар улашилди. Келажакда Федерация ташаббуси билан бу каби мусобақалар мамлакатимиз бўйлаб ўтказилиши режалаштирилмоқда.

26 Мар
2022

АЛОҲИДА ЭҲТИЁЖЛИ БОЛАЛАР ЎРТАСИДА ФУНКЦИОНАЛ КЎПКУРАШ БЎЙИЧА МУСОБАҚА БЎЛИБ ЎТДИ

Функционал кўпкураш федерацияси ҳамда "Стереотипларни ўзгартирамиз - спорт барча учун" Downside sport Нотижорат ижтимоий ахборот лойиҳаси ҳамкорлиги, шунингдек Миллий гвардия кўмагида алоҳида эътиборга муҳтож (Даун синдромли) болалар учун мусобақалар ташкил этилди. Ўзида чаққонлик, эпчиллик ва тезкорликни талаб этувчи мазкур спорт турида болалар шартларни мустақил бажара олишмайди. Уларга махсус кўнгиллилардан иборат жамоа кўмакчи бўлишди. Иштирокчилар шартларни қувноқ эстафета тарзида бажардилар. 3-5, 7-14 ва 18 ёш тоифасида иштирок этган йигит-қизлар махсус тўсиқларни айланиб ўтиш, қутилар устидан сакраш, умбалоқ ошиш каби оддий спорт элементларини бажаришди. Республикамизнинг турли вилоятларидан келган 45 нафар болалар якка тартибда кўнгиллилар ва яқинлари кўмагида шартларни бажариб маррага етиб келишди. Функционал кўпкураш машқларини бажариш орқали бу болаларнинг жисмоний имкониятлари янада яхшиланади, таянч- ҳаракатланиш тизими меъёрида ривожланади. Уларда вазиятни олдиндан баҳолаш, тезкор ҳаракатланиш, бегона болалар билан дўстлашиш каби хислатлар шаклланиб, ижтимоий ҳаётга мослашиш имконияти пайдо бўлади. Қизғин беллашувлар якунида ғолиб ва совриндорлар номи аниқланиб уларга эсдалик совғалари топширилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech