Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда

ЁШЛАР ЎРТАСИДА ФУНКЦИОНАЛ КЎПКУРАШ СПОРТ ТУРИ БЎЙИЧА МУСОБАҚА БЎЛИБ ЎТДИ

     Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия қўмондонлиги ташаббуси билан, мамлакатимизда спортнинг янги Ўзбекистон функционал кўпкураш федерацияси ташкил этилиб, унинг асосий меъёрий ҳужжатлари, таркиби, вазифалари ишлаб чиқилди. Бугунги кунда Федерация томонидан функционал кўпкураш (Кроссфит) спорт турини аҳоли ўртасида, айниқса ёшлар орасида оммалаштириш борасида турли спорт тадбирлари ўтказилиб келинмоқда.
Жумладан, куни кеча Миллий гвардия ҳамда Функционал кўпкураш федерацияси ҳамкорлигида Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Қўриқлаш бўлимининг янгидан қуриб битказилган замонавий спорт мажмуасида, ёшлар ўртасида ушбу спорт тури бўйича мусобақа ўтказилди.

   Унда пойтахтимизда жойлашган 21, 22, 23, 30-сонли Меҳрибонлик уйи ва “СОС болалар маҳалласи”нинг 14-16 ёшдаги тарбияланувчиларидан иборат жамоалар ўз жисмоний имкониятларини синовдан ўтказдилар.
   Тадбирда, Миллий гвардия Қўмондони генерал-майор Р.Джураев, Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Каримов, Функционал кўпкураш федерацияси раиси М.Ғаниев, Федерация вице-президенти Л.Раҳматуллаева, ИИВнинг вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича масъул ходимлари ҳамда ММА спорт турининг профессионал жангчиси ва “UFC” аралаш жанг турнирлари ғолиби M.Муродов, шунингдек, бир қатор спорт ташкилотлари мураббийлари, Қўриқлаш бошқармаси масъул ходимлари иштирок этдилар.
   Мусобақа аввалида сўзга чиққанлар, функционал кўпкураш спорт тури ҳақида батафсил маълумот ва тушунчалар бериб ўтиб, мусобақа шартларини таништирдилар ҳамда иштирокчиларга омад ёр бўлишини тиладилар. Шундан сўнг, беллашувларга старт берилди.
  Югуриш, ўтириб-туриш, устунда тортиниш, ерга таянган ҳолатда машқлар бажариш, арқонда тортиниш каби жами 6 та шарт бўйича олиб борилган баҳслар янада қизғин ва муросасиз кечди. Иштирокчилар орасидан энг кучли, эпчиллари совриндорлар қаторидан жой эгаллади. Умумий ҳисобга кўра, 1- ўринни 21-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан иборат жамоа қўлга киритди, 2- ўрин 22-сонли меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига, 3- ўрин эса "SOS болалар маҳалласи” ва 30-сонли меҳрибонлик уйи ёшларига насиб этди.
  Ғолиб жамоалар ва совриндорларга, Миллий гвардия қўмондонлиги ҳамда Функционал кўпкураш федерацияси, шунингдек, туман ҳокимлиги ва М.Муродов томонидан диплом, кубок, медаль ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
  Тадбир якунида концерт дастури ҳам намойиш этилиб, иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашилди. Бу каби мусобақалардан кўзланган асосий мақсад, функционал кўпкурашни янги босқичга олиб чиқиш, ҳудудларда янги тўгараклар фаолиятини йўлга қўйиш, ўзида куч, ирода ва чидамлиликни талаб этадиган ушбу спорт турида ёш иқтидор эгаларини кашф этиш, янги чемпионларни тарбиялашдан иборатдир.

Янгиликлар

9 Окт
2024

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмалари ўртасида спортнинг Функционал кўпкураш (кроссфит) бўйича мусобақа ўтказилди

Жорий йилнинг 4-5 октябрь кунлари Ўзбекистон Функционал кўпкураш федерацияси спорт мажмуасида Миллий гвардия бўлинмалари ўртасида спортнинг Функционал кўпкураш тури бўйича мусобақа ўтказилди. Мазкур мусобақада Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси ва ҳудудий бошқармалар, ҳарбий қисм ва таълим муассасаларидан 100 нафарга яқин ҳарбий хизматчи ва ходимлар иштирок этди. Унда иштирокчилар жисмоний имконияти, чаққонлиги ҳамда руҳий тетиклигини намоён этдилар. 19 та жамоадан иборат спортчилар, енгил атлетика машқлари яъни ўтириб туриш, турникда тортилиш, қўлларга таяниб букиб ёзиш, пресс, тумба устидан сакраб ўтиш, югуриш, тошни силтаб кўтариш, тош кўтариб юриш, тренажёрларда ишлаш каби турлари бўйича ўзаро беллашдилар. Якуний натижаларга кўра, 1-ўрин – Миллий гвардиянинг Тошкент шаҳридаги ҳарбий қисм жамоасига, 2-ўрин – Миллий гвардия Қўриқлаш бош бошқармаси жамоасига, 3-ўрин ўрин эса Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университети жамоасига насиб этди. Мусобақа шартларидан ўрин олган машқларни белгиланган меъёр талаблари асосида бажарган ғолиб ва совриндорлар дипломлар, медаль ва кубок билан тақдирланди. Бу каби спорт мусобақаларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларида жисмоний тайёргарлик машғулотларига функционал кўпкураш спорт турини киритиш, ҳарбий хизматчи ва ходимлар орасида мазкур спортни кенг тарғиб қилиш бўйича йўл харитаси”нинг ижросини таъминлаш, ҳарбий хизматчи ва ходимларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш натижасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, шунингдек функционал кўпкураш бўйича Миллий гвардия терма жамоасини шакллантиришдир.  

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech