Диққат! Веб-сайт тест режимида ишламоқда

ЁШЛАРНИНГ ФУНКЦИОНАЛ КЎПКУРАШ СПОРТИГА ҚИЗИҚИШИ ТОБОРА ОРТМОҚДА

Функционал кўпкураш федерацияси вакиллари пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 5-сонли умумий ўрта таълим мактабига ташриф буюриб, 10 ва 11-синф ўқувчилари билан суҳбат қурдилар. Ёшларнинг спортнинг янги турига бўлган қизиқишини ошириш ҳамда функционал кўпкурашни оммалаштириш мақсадида ташкил этилган учрашувда, Федерация раиси ўринбосари Л.Раҳматуллаева ҳамда мураббийлар томонидан мазкур спорт тури ҳақида маълумотлар берилиб, уйғун ҳолда бажариладиган бир нечта машқлар кўрсатиб берилди.

  

Ундаги қўшма машқлар тана ва руҳни тарбиялаш, чидамлиликни ошириш ва кутилмаган юкларга мослашишда муҳим роль ўйнаши тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, учрашув давомида, ўқувчиларга Функционал кўпкураш федерациясининг махсус белгиси туширилган футболкалар тарқатилиб, бир неча машқлар ёшлар билан биргаликда бажарилди.

  

Учрашув якунида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиб, батафсил тушунча ва тавсияларга эга бўлдилар.

  

Янгиликлар

21 Июн
2022

Befit Race-2022 халқаро марафони

19 июнь куни “Амирсой” тоғ курорти ҳудудида Befit Race-2022 тўсиқлар оша югуриш халқаро марафони бўлиб ўтди. Мусобақада Қозоғистон, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа мамлакатлар, шунингдек, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Функционал кўпкураш федерацияси жамоалари иштирок этди. 30 дан ортиқ жамоалар 5 км масофага 14 та тўсиқлар оша ғолиблик учун курашди, ҳар бир жамоада 4 нафардан (уч эркак ва бир аёл) иштирок этди. Спортчилар ўзларининг эпчиллиги ва жамоавий меҳнати туфайли ностандарт шароитларда қийин тўсиқлардан тез ва аниқ ўтишди. Қизғин, аммо қизиқарли ўтган мусобақа натижасида Миллий гвардия жамоаси (Валентина Кибалникова, Муҳаммад Тўраев, Бахриддин Умаралиев ва Суннат Салимов) фахрли 1-ўринни эгаллади. Жамоа ишини пухта ташкил этгани ва тайёргарлиги учун мураббийимиз, Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчиси Александра Котляровага ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Сафдошларимизни ғалаба билан самимий муборакбод этиб, «Abu Dhabi Spartan World Championship» жаҳон чемпионатида янада муваффақият ва ғалаба тилаймиз!

21 Май
2022

ТАРБИЯЛАНУВЧИЛАР ЎЗ ЧАҚҚОНЛИКЛАРИ, ЭПЧИЛЛИГИ ВА ИРОДАСИНИ СИНОВДАН ЎТКАЗДИЛАР

Функционал кўпкураш федерацияси ва Миллий Гвардия томонидан ўтказилаётган навбатдаги беллашувларда 35 нафар йигит-қизлар ўз эпчилликларини синовдан ўтказишди. Республикамизда илк маротаба имконияти чекланган болалар орасида ташкил этилган мазкур баҳслар Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 100 сонли мактаб интернати ўқувчилари орасида ўтказилди. Тарбияланувчилар функционал кўпкураш тўгарагида бир неча ойлардан буён шуғулланиб келишади. Бугун эса улар турли шартлар асосида ўз чаққонликларини исботладилар. Болалар имконияти чекланган бўлишига қарамай ҳакамлар кўмагида шартларни хатосиз бажаришга ҳаракат қилдилар. Шартлар икки ёш тоифасида, йигит ва қизлар учун алоҳида кўринишда бажарилди. Ушбу беллашувларда шартларни дастлаб, ўғил болалар бошлаб беришди. Улар, 1-машқлар жамланмасида, ўтириб-туриш ва югуриш машқларини, 2-машқлар жамланмасида эса капалакча машқи ва қутилар атрофида ҳаракатланиш каби қизиқарли шартларни бажардилар. Қизлар ҳам шартларни эпчиллик ва аниқликда бажаришга ҳаракат қилдилар.Муҳими, иштирокчилар доимий тарзда функционал кўпкураш тўгарагида ушбу машқларни бажариб келганликлари сабабли шартлар уларда унчалик мураккаблик туғдирмади. Катта шодиёна сифатида ўтган мусобақа ўқувчилар орасида ўзаро дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Энг чаққон ва эпчил иштирокчилар орасидан ғолиб ва совриндорлар аниқланиб уларга, эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, қўшимча номинациялар бўйича ҳам иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан рағбатлантириб совғалар улашилди. Келажакда Федерация ташаббуси билан бу каби мусобақалар мамлакатимиз бўйлаб ўтказилиши режалаштирилмоқда.

26 Мар
2022

АЛОҲИДА ЭҲТИЁЖЛИ БОЛАЛАР ЎРТАСИДА ФУНКЦИОНАЛ КЎПКУРАШ БЎЙИЧА МУСОБАҚА БЎЛИБ ЎТДИ

Функционал кўпкураш федерацияси ҳамда "Стереотипларни ўзгартирамиз - спорт барча учун" Downside sport Нотижорат ижтимоий ахборот лойиҳаси ҳамкорлиги, шунингдек Миллий гвардия кўмагида алоҳида эътиборга муҳтож (Даун синдромли) болалар учун мусобақалар ташкил этилди. Ўзида чаққонлик, эпчиллик ва тезкорликни талаб этувчи мазкур спорт турида болалар шартларни мустақил бажара олишмайди. Уларга махсус кўнгиллилардан иборат жамоа кўмакчи бўлишди. Иштирокчилар шартларни қувноқ эстафета тарзида бажардилар. 3-5, 7-14 ва 18 ёш тоифасида иштирок этган йигит-қизлар махсус тўсиқларни айланиб ўтиш, қутилар устидан сакраш, умбалоқ ошиш каби оддий спорт элементларини бажаришди. Республикамизнинг турли вилоятларидан келган 45 нафар болалар якка тартибда кўнгиллилар ва яқинлари кўмагида шартларни бажариб маррага етиб келишди. Функционал кўпкураш машқларини бажариш орқали бу болаларнинг жисмоний имкониятлари янада яхшиланади, таянч- ҳаракатланиш тизими меъёрида ривожланади. Уларда вазиятни олдиндан баҳолаш, тезкор ҳаракатланиш, бегона болалар билан дўстлашиш каби хислатлар шаклланиб, ижтимоий ҳаётга мослашиш имконияти пайдо бўлади. Қизғин беллашувлар якунида ғолиб ва совриндорлар номи аниқланиб уларга эсдалик совғалари топширилди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech